Жорий йилнинг 25 мартидан 2 апрелига қадар Хитойнинг Сиан Ан шаҳрида бокс бўйича Рио–2016 Олимпиада ўйинлари йўлланмалари учун Осиё ва Океания минтақаларининг қўшма лицензион турнири бўлиб ўтди. Унда 7 нафар ўзбекистонлик боксчи иштирок этиб, 5 та олтин ва 2 та кумуш медалини қўлга киритди ҳамда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади, деб хабар беради ЎзА.
Нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчилар орасида Ёдгорой Мирзаева кумуш медални ва энг асосийси Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритиб, Ўзбекистон хотин-қизлари орасида бокс бўйича Олимпиада ўйинларининг йўлланмасини қўлга киритган биринчи спортчи сифатида қайд этилди.
«Қизим болалигидан спортга меҳр қўйди. Қизларга хос бўлмаган спорт тури – боксга иштиёқи баландлигидан аввалига хавотирга тушдик. Аммо мусобақаларда юқори натижаларга эришиб, мураббийларининг унга ишончи ортгани туфайли қўллаб-қувватладик. Шу тарзда у Ўзбекистон биринчиликлари, халқаро турнирлар, Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашди. Бир неча бор чемпион бўлди. Унинг Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритгани оиламиздан ташқари, вилоятимиз, мамлакатимиз учун ҳам қувончли воқеа бўлганини юрагимдан ҳис этяпман», – дейди Ёдгорой Мирзаеванинг онаси Вазира Нормуродова.
Қайд этиш жоиз, Ёдгоров Мирзаева 2015 йили Хитойнинг Уланчаб шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган эди.
Маълумот учун, Ёдгорой Мирзаева 1996 йилнинг 22 апрель куни, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида таваллуд топган.
Изоҳ (0)