Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигасида тўрт турдан буён мағлуб бўлмай келаётган Ўзбекистоннинг ягона вакили «Локомотив», нимчорак финалга йўл олиш учун яхши имкониятга эга. «Фулад Сепаҳон»га қарши ўйиндан кейин клуб мураббийи Андрей Микляев матбуот анжуманида иштирок этди, деб ёзади «Championat.asia».
«Жуда ҳам қийналдик. Чунки таркибда йўқотишлар бор эди. Бир жамоа бўлиб, ғалабага эриша олдик», — дейди «Локомотив» устози. Қайд этиш керак, «Фулад Сепаҳон»га қарши ўйинда Сардор Мирзаев, Неманя Яничич, Садриддин Абдуллаев каби футболчилар жароҳат сабаб иштирок эта олмади.
«Бугунги ғалаба бутун Ўзбекистон учун муҳим эди. Гуруҳдан чиқиш имкониятимизни ошириб олдик. Кейинги ўйинларда ҳам имкон қадар ғалаба қозонамиз», — дея фикрини давом эттирди Микляев.
Журналистлар Сервер Жепаровнинг ўйини борасидаги савол билан мурожаат қилиб, қарши ҳужумларда хатолар борлигини қайд этди. — «Сизга шундай туюлгандир. Голли пасни ким берди? Жепаров — маҳоратли футболчи. У йўқ жойдан гол ярата олади», — деб шогирди ҳақида илиқ фикрлар билдирди «Локомотив» мураббийи.
Изоҳ (0)