Тошкент давлат иқтисодиёт университетида замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган «Ақлли синф» ўқув аудиторияси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Хонадаги 40 та планшет, электрон доска, проектор, қўлда бошқарилувчи сенсорли монитор, камера, овоз ёзиш ва сканер мосламалари дарс самарадорлигини оширади. Улар орқали ўқитувчи бир вақтнинг ўзида талабаларга индивидуал тарзда вазифалар бериши, уларнинг дарсга ёндашуви, вазифани қай даражада бажараётгани, муҳими, билимини баҳолаш имкониятига эга бўлади. Профессор-ўқитувчилар дарс ўтиш билан бирга талабанинг ўзлаштириш кўрсаткичлари, фаоллигини бевосита кузатиб бориши учун алоҳида хона ҳам ташкил этилган.
«Ақлли синф»даги илк дарс инглиз тилида ўтилди.
– Аудиторияда кўргазмали воситалардан нусха олиб, электрон шаклда талабаларнинг почта манзилига юбориш, мониторга ёзилган ёзувларни хотирада сақлаб қўйиш, дарс жараёнини фото ва видеога олиш имконияти яратилган, – дейди университет корпоратив бошқарув кафедраси катта ўқитувчиси Дилором Бегматова. – Бунинг самарасида талабалар ўтилган машғулотни уйда ҳам қайта кўриб, мустақил ишлай олади. Ота-оналар ҳам интернет орқали дарсларни кузатиб бориши мумкин.
Тадбир доирасида таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот технологияларини қўллаш, таълим сифатини яхшилаш, амалиёт ва ўқув жараёни интеграциясини такомиллаштириш мақсадида «Ипотека-банк» билан ҳамкорликда «Инновацион банк ўқув хонаси» ҳам ташкил этилди.
Лойиҳа доирасида университет педагоглари учун Германиянинг Бремерхафен университети профессори Вольфганг Лукас семинар-тренинг ўтказди. Унда замонавий педагогик технологияларнинг аҳамияти, соҳага мутахассислик ёндашуви, ўқув жараёнини ташкил этиш, ахборот технологияларидан фойдаланишнинг зарурати каби йўналишларда маълумотлар берилди.
Изоҳ (0)