Россия чемпионати 22-турида Москванинг «Динамо» клуби ўз майдонида «Краснодар» футболчиларини қабул қилди. «Арена Химки» стадионида ўтказилган ўйинда 1:4 ҳисоби қайд этилиб, «Краснодар»нинг йирик ғалабаси билан якунланди. Бу ҳақда «Краснодар» футбол клуби матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувнинг 27-дақиқасида «Динамо» аъзоси Алексей Ионов пенальтидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлди. 4 дақиқа ўтар-ўтмас «Динамо» дарвозасига ҳам 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди. Павел Мамаев мўлжалда адашмади ва ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа, биринчи бўлим 1:1 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимда голларни фақат «Краснодар» футболчилари киритди. 47-дақиқада Вячеслав Подберёзкин ҳисобни 1:2 кўринишига олиб келган бўлса, 69-дақиқада Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедовнинг узатмасидан сўнг Фёдор Смолов ҳисобни яна оширди — 1:3. 82-дақиқада Одил Аҳмедовнинг ўзи гол киритиб, жамоасининг 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабасига ўз ҳиссасини қўшди. Учрашувда Аҳмедов 90 дақиқа давомида ҳаракат қилди.
Мазкур ғалабадан сўнг «Краснодар» очколари сонини 37 тага етказиб, 6-ўринга кўтарилди. 24 очко билан қолиб кетган «Динамо» 11-поғонадан жой олди.
Россия Премьер-лигаси, 22-тур
4 апрель. «Арена Химки» стадиони, 3 863 томошабин
«Динамо» Москва – «Краснодар» – 1:4 (1:1)
Голлар: 1:0 – 27, пенальти Ионов, 1:1 – 31, пенальти Мамаев, 1:2 – 47 Подберёзкин, 1:3 – 69 Смолов, 1:4 – 82 Аҳмедов.
Изоҳ (0)