КХДР дипломатлари алоҳида-алоҳида берган икки интервьюда Корея ярим оролида ихтилоф келиб чиқиши ва унда ядровий қурол қўлланиши мумкинлигини айтиб ўтди. Бунда айбдор сифатида АҚШ ва Жанубий Корея кўрсатилди, деб хабар беради «РБК».
Шимолий Кореянинг Москвадаги элчиси Ким Хен Чжун «Интерфакс» агентлигига берган интервьюсида ярим оролдаги вазият ихтилоф юз бериши мумкин бўлган аҳволга яқинлашганини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, АҚШ ва Жанубий Корея ўтказаётган кенг миқёсли ҳарбий машғулотлар бунга сабаб бўлган.
«Амалда АҚШ бизнинг мамлакатга ядровий зарба беришни машқ қилмоқда», — деди дипломат.
Ўз навбатида, КХДРнинг БМТдаги вакили Пьонг Со Се Reuters агентлигига берган интервьюсида Жанубий Кореядаги ҳарбий машғулотлардан кўзланган асл мақсад Шимолий Корея раҳбариятини йўқ қилиб, пойтахт Пхеньянни эгаллаш эканлигини айтди.
«Агарда АҚШ ўз ҳаракатларини давом эттирса, жавоб чоралари кўришга тўғри келади», — деб қўшимча қилди у.
Бир муддат илгари КХДР вакиллари, хавф туғилса, превентив ядро зарбаси беришга тайёрликларини маълум қилганди.
Изоҳ (0)