АҚШнинг Миннесота штатидаги Дож-Сентер шаҳрида истиқомат қилувчи 11 ёшли бола қурилиш майдончасидан бетон қорувчи машинани ўғирлаб кетиб, уни бир соат давомида шаҳарда ва шаҳар четида ҳайдаб юрди. Motor’нинг Fox телетармоғига асосланиб маълум қилишича, полиция кичкина қоидабузарни тутишда штат пойтахти Миннеаполисдан чақирилган патруль вертолётидан фойдаланган.
Воқеа 20 март, якшанба куни, маҳаллий вақт билан 15:00 да содир бўлган. Айтилишича, ишчи бетонқоргичдан чиққанида калитни ичкарида қолдириб кетган. Бундан фойдаланган бола машинага ўтириб олиб, у билан Дож округини айланиб чиққан.
Бола бир неча марта юқори тезликдаги ҳаракат тартиби амал қиладиган магистралларга чиқиб кетган, аммо автоҳалокатга учрамаган. Уни қувиш жараёнида икки патруль машинасига шикаст етган.
Гувоҳларнинг таъкидлашича, болакай ўз қилмишидан анча мамнун кўринган, кўп жилмайган ва қийқирган. Полиция бетонқоргични берк кўчага киргизиб, қуршовга олганида, у машина ичидан сакраб тушиб, қочишга уринган, лекин қўлга олинган.
Қоидабузар вояга етмаганлар учун ахлоқ тузатиш муассасасига жойланиши мумкин. Бу иш юзасидан суднинг биринчи мажлиси 22 март, сешанба куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)