Сурия армияси ва ИШИД гуруҳи жангарилари ўртасида охирги кунларда Пальмира антик шаҳри бўсағасида кескин тўқнашувлар содир бўлмоқда, деб хабар беради «ТАСС». SANA ахборот агентлигининг маълум қилишича, 12 март, шанба куни ҳукумат қўшинлари Пальмирадан 10 километр узоқликдаги икки стратегик тепаликни эгаллаган. Шунингдек, улар ал-Баярат – Жабал – Хайял йўналиши бўйича чекинаётган жангариларни таъқиб қилмоқда.
Сурия чўли ўртасидаги воҳа ўтган йилнинг майида жангарилар қўлига ўтган эди. Сурия қуролли кучлари шаҳардан жанубда ва ғарбда бир неча бора ҳарбий операциялар ўтказган эди. Аммо шахсий таркибда оғир йўқотишлар эҳтимоли юқорилиги боис ҳал қилувчи қамал ортга суриб келинди.
7 март, душанба кунидан буён ИШИДнинг мудофаа позицияларига артиллерия батареялари ва авиация шиддатли зарбалар бермоқда. Айтилишича, жангарилар катта йўқотишлардан сўнг Раккадаги плацдарм томон чекинмоқда.
Пальмиранинг озод қилиниши Сурия ҳукуматига Хомс вилоятининг шарқий қисмини ва Дайр аз-Заврга борадиган шоссени ўз назорати остига олиб, Ироқ чегарасига чиқишга ёрдам беради. Ўз навбатида, ИШИД Сурияда эгаллаб олган ерларининг 20 фоизини йўқотади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)