Кремль ҳуқуқ-тартибот органлари Ингушетияда журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига уюштирилган ҳужумда айбдор шахсларни тез орада топишига умид қилмоқда. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков айтиб ўтди, деб хабар беради «Ведомости».
«Бу мутлақо хунук безориликдир, тушунишимиз бўйича, инсонларнинг ҳаёти хатарга қўйилди, бу мутлақо куракда турмайдиган иш, республика ҳуқуқ-тартибот органлари ҳужумни уюштиришда айбдорларни топиш учун фаол ҳаракат қилади деб ишонамиз», — деди у журналистлар билан суҳбат чоғида.
Мамлакат президенти Владимир Путиннинг бу воқеага муносабати қандай бўлганлиги ҳақидаги саволга Песков қуйидагича жавоб берди:
«Ҳозирча буни айтишга тайёр эмасман, негаки бу ҳақда билиш имкониятига эга бўлмадим. Шубҳасиз, у барча ахборотни олиб турибди. Унга барча зарурий ҳисоботлар топширилди. Аммо бу борада қандай топшириқлар берилгани ҳақида ахборотим йўқ».
Эслатиб ўтамиз, бир муддат илгари «Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси» томонидан уюштирилган пресс-тур доирасида Ингушетия ва Чеченистонга борган қўмита ходимлари, норвегиялик ва швециялик журналистлар, The New Times ҳамда «Медиазона» мухбирлари, жами 8 кишидан иборат гуруҳ икки республика чегарасида калтакланди, улар тушган микроавтобус эса ёқиб юборилди. Мазкур ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Изоҳ (0)