Исроил полициячилари 9 март, чоршанба куни Қуддусда автобусни ўққа тутган икки нафар қуролланган фаластинликни отиб ўлдирди. Бу ҳақда Исроил полицияси расмий вакили маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар беради.
The Jerusalem Post газетасининг маълум қилишича, автобус йўловчилари йўлда кетаётган автомобилдан икки нафар эркакнинг автобусга қарата ўт очганлигини кўрган. Ўз навбатида воқеа гувоҳи бўлган бошқа машинанинг ҳайдовчиси террорчиларга қарата ўт очган. Босқинчилар яширинишга муваффақ бўлган.
Кейинроқ полиция тахминига кўра, айнан ўша террорчилар Қуддусдаги Эски шаҳар ҳудудида одамларга қарата ўт очган. Нашрнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида бир нафар исроиллик жароҳат олган ва ҳозирда оғир аҳволда.
Эски шаҳар деворлари яқинида полиция террорчиларни йўқ қилишга эришган.
Изоҳ (0)