Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 6 мартга ўтар кечаси супероғир вазн тоифасида Жаҳон бокс ассоциациясининг (WBA) мунтазам чемпионлик мақоми учун ўзбекистонлик Руслан Чагаев ва австралиялик Лукас Браун ўртасида бўлиб ўтган учрашувга ўз муносабатини билдириб ўтди, деб хабар беради «Газета.ru».
«‘Колизей’ спорт саройида Руслан Чагаев ва Лукас Браун ўртасидаги жанг якунланди. Барча раундлар давомида устунлик Руслан тарафида эди. Аммо ўнинчи раундда Руслан қабул қилиб олган бир неча зарбадан сўнг рефери жангни тўхтатди, ваҳоланки Руслан уни давом эттиришга тайёр эди. Шу тариқа, супероғир вазн тоифасида WBA мунтазам чемпионлик камари Браунга насиб қилди. Шунга қарамай, зал Русланни олқишлади. У буюк боксчи ва ҳурматга лойиқдир», — деб ёзди Қодиров Instagram’даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Грознийда ўтган жангда Чагаев мағлубиятга учраб, чемпионлик камарини бой берди. Жанг Чагаевнинг устунлигида ўтди ва 6-раундда у Браунни нокдаунга учратиб, муддатидан аввал жангни якунлаши мумкин эди. Бироқ, австралиялик боксчи жангни давом эттира олди.
10-раундга келиб австралиялик боксчи Чагаевга бир нечта аниқ зарбалар йўллади. Учрашув рефериси жангни тўхтатиб, техник нокаут қайд этди ва ўзбекистонлик боксчи чемпионлик камаридан маҳрум бўлди.
Изоҳ (0)