Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Гидрометеорология бўйича миллий қўмита раиси Батир Халлиевни нотўғри об-ҳаво маълумотлари учун лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ маълумотларига таяниб, «РИА Новости» хабар беради.
Давлат раҳбари ҳукумат йиғилишидаги чиқишида Туркманистон синоптиклари фаолиятидаги асосий камчилик об-ҳаво маълумотларининг ҳақиқатга тўғри келмаслиги эканлигини таъкидлади.
«Биз Гидрометеорология бўйича миллий қўмита фаолиятини мукаммаллаштириш мақсадида ушбу бошқарма учун замонавий маъмурий бино барпо этдик. Қўмитага молиявий ёрдам кўрсатиб, катта миқдордаги зарур ускуналарни харид қилдик. Шундан сўнг Халлиев об-ҳаво маълумотлари аниқ бўлишига сўз берган эди. Бироқ, шунга қарамасдан, охирги пайтларда нотўғри об-ҳаво маълумотлари, аксинча, кўпайди», — деди президент.
Давлат раҳбарининг сўзларига қараганда, бу қишлоқ хўжалик ишларини ўтказишга салбий таъсир қилмоқда, транспорт тизими фаолиятида, оммавий тадбирларни ташкил этишда қийинчиликлар туғдирмоқда, шунингдек, одамлар учун ноқулайликларни юзага келтирмоқда.
Шу муносабат билан президент Халлиевни лавозимидан озод қилиб, унинг ўрнига Бегенч Миминовни тайинлади.
Ҳукумат йиғилиши чоғида статистик маълумотларни бўрттириб кўрсатган Туркманистон давлат статистика қўмитаси раҳбари ҳам ўз лавозимидан озод қилинди.
Изоҳ (0)