Қирғизистоннинг Ўш шаҳрини Тожикистоннинг Хоруғ ва Душанбе шаҳарлари билан боғлайдиган Помир тракти жаҳондаги энг чиройли автойўллар рейтингида иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Рейтинг National Geographic Russia нашри томонидан тузилган.
Биринчи поғонани Франциядаги Вердон дараси эгаллади. Ундан кейинги совринли ўринларни, Помир трактидан ташқари, Аляскани кесиб ўтадиган Далтон–Хайвей йўли банд этди.
Рейтингга, шунингдек, Трансфэгэраш шоссеси (Руминия), Чу тракти (Россия), Атлантика йўли (Норвегия), Катта дарвоза йўли (Хитой), Аргентинадаги 40-трасса, Катта доира (АҚШ) ва Буюк океан йўли (Австралия) ҳам кирган.
Помир тракти МДҲ ҳудудидаги энг баланд тоғ йўли ҳисобланади. Бу тупроқли автомобиль трассаси Помирнинг уч асосий довони — Толдиқ (3615 метр), Қизиларт (4280 метр), Оқбайтал (4655 метр)дан ўтади.
Трактнинг Ўшни Хоруғ билан боғлайдиган шарқий қисми 1931–1934 йилларда қурилган. Бу йўлдан юрган сайёҳлар ям-яшил адирлар, яккам-дуккам ўтов ва чайлалар, шунингдек, Помир миллий боғи ва Ибн Сино чўққиси (7134 метр) ёнидан ўтади.
Бундан ташқари, кўпчилик денгиз сатҳидан 3914 метр баландликдаги Қоракўл яқинида тўхтаб ўтади. Бу ердан Помир тизмасига кўтарилиш бошланади.
Трактдан четлашган тақдирда, сайёҳлар яна бир қанча диққатга сазовор объектларга дуч келади: «Хайр, ёшлик» довони, Ямчун оташпарастлар қалъаси, Биби-Фотима қайнар булоқлари ва ҳоказо.
Изоҳ (0)