АҚШ энергетик компаниялари 2016 йил бошидан бери умумий қиймати 9,2 миллиард долларга тенг бўлган акцияларни сотувга чиқарди. Бу ҳақда, Bloomberg агентлиги маълумотларига таяниб, «Интерфакс» ёзмоқда.
Бу 1999 йилдан буён йилнинг шу даврида кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.
Бир муддат илгари кўпгина экспертлар, нефть нархи пасайишини инобатга олиб, капитал бозорлари нефть сектори компаниялари учун ёпиқ бўлади, деган фикр билдирган эди. Аммо сланецли активларга эга бир қатор компаниялар январь ойининг бошида акциялар жойлаштириб, бозорни муваффақият билан синовдан ўтказди.
5 январь куни Pioneer Natural Resources 1,6 миллиард долларлик акцияларни сотувга чиқарган бўлса, бир ҳафта ўтиб, Diamondback Energy умумий қиймати 250 миллион доллар бўлган акциялар сотилишини эълон қилди.
Hess ва Devon Energy сингари йирик команиялар инвесторларга 1 миллиард доллардан ортиқ нархланувчи акцияларни таклиф қилди. QEP Resources ва Synergy Resources каби кичикроқ компаниялар ҳам ўз қимматбаҳо қоғозларини бозорга муваффақиятли чиқарди.
Изоҳ (0)