Туркия ҳарбийлари Россиянинг Су-24М русумли бомбардимон самолётига ҳужум қилишдан олдин Суриядаги парвозларнинг хавфсизлиги меморандумига қарши эмасликларини тасдиқлашдан бош тортган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги берган маълумотларга асосан «Интерфакс» хабар қилмоқда.
2015 йилда америкалик ва россиялик ҳарбийлар Россия ва АҚШ етакчилигидаги коалиция самолётлари ўртасида содир бўлиши мумкин бўлган тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида ўзаро келишув имзолаган.
«Ушбу меморандум доирасида, америкаликлар келишувнинг мазмуни билан коалиция иштирокчиларини таништириб чиқиш ҳамда ҳужжатда белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилиш мажбуриятини олган», ― деди Россия Мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов.
Бинобарин, коалицияга аъзо бўлган туркиялик ҳарбийлар ўзининг меморандумга бўлган ижобий муносабатини тасдиқлашдан бош тортиб, бу масала ТИВ ваколатига киришини баён қилган.
Антоновнинг таъкидлашича, туркияликлар «фавқулодда алоқа» тармоғини бир тарафлама беркитиб қўйиб, Россиянинг сўровларига жавоб беришдан бош тортган.
«Бунинг натижасида, 2015 йил 24 ноябрда Туркия Ҳарбий-ҳаво кучлари Россиянинг бомбардимон самолётини уриб туширди, россиялик ҳарбийлар қурбон бўлди», ― деди вазир ўринбосари.
Изоҳ (0)