Хитойда мамлакат ҳудудини ҳарбий округларга бўлиш юзасидан ислоҳот якунига етди: аввалги 7 округ ўрнида бешта — Шарқий, Ғарбий, Шимолий, Жанубий ва Марказий ҳарбий округлар тузилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Пекинда шу муносабат билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда иштирок этган мамлакат етакчиси Си Цзиньпин округларга тайинланган янги раҳбарларни «жанговар ҳаракатлар учун етарли ресурсларга эга бўлган, самарали ва жасур, урушларда ғолиб чиқишга қодир» бирлашган тизимни қуришга чақирди.
2015 йил ноябрида, Марказий ҳарбий кенгаш анжумани чоғида Си Цзиньпин Хитой армиясидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида эълон қилганди. Қуролли кучларда хизмат қилувчилар сонининг 300 минг кишига камайтирилишидан (2 миллионча) ташқари, ўзгаришлар армиянинг ташкилий тузилмасини ҳам қамраб олди. Жумладан, иккинчи артиллерия корпуси ракета қўшинларига айлантирилиши, шунингдек, стратегик қўллаб-қувватлаш кучлари тузилиши маълум қилинди.