Қозоғистоннинг Уст-Каменогорск шаҳрида ўқувчилар томонидан бошланган лойиҳа Facebook ижтимоий тармоғининг ўзбекистонлик фойдаланувчилари томонидан ташкил этилган ва фаол баҳс-мунозаралар олиб бориладиган «Потребитель.уз» гуруҳи эътиборига тушди.
«Nur.kz»нинг ёзишича, Уст-Каменгорск шаҳридаги мактаб ўқувчилар бир вақтнинг ўзида иккита нон сотиб олиш таклифи билан чиққан — ноннинг бири уйга олиб кетилса, иккинчиси эҳтиёжмандлар, биринчи галда, пенсионерлар учун дўкондаги алоҳида ажратилган пештахтада қолдирилади.
Акцияга шаҳар аҳолиси фаол қўшилиб, алоҳида ажратилган пештахталарда эҳтиёжмандлар учун нафақат нон, балки сут, ёрмалар, чой ва бошқа маҳсулотларни ҳам қолдира бошлаган. Қўшни мамлакатдаги мазкур хайрия ташаббуси Facebook’даги «Потребитель.уз» гуруҳи фойдаланувчилари томонидан эътироф этилди.
Фойдаланувчилардан бири Тошкент шаҳридаги йирик супермаркет тармоқлари вакилларига мурожаат қилиб, Ўзбекистонда ҳам шундай акциялар ташкил этишни таклиф қилган. «Яхшилик қилиш — инсоният эҳтиёжи. Меҳр-мурувват эса халқимизга хос. Ўйлашимча, кўпчилик бу ғояни қўллаб-қувватлайди ва маъқуллайди», — деб ёзади ташаббус муаллифи.
Бу таклиф гуруҳнинг бошқа фойдаланувчилари томонидан фаол равишда маъқулланган. Фикр билдирувчиларнинг аксарияти бу акция қисқа муддатли эмас, узоқ ва барқарор давом этадиган тадбир бўлиши кераклиги, ташкилий томонлари пухта ишлаб чиқилиши кераклигини қайд этган.
Баъзилар эҳтиёжмандлар катта супермаркетларга кирмаслиги мумкинлигини қайд этиб, шу сабабли ҳам акцияни кўчаларда ўтказиш кераклигини таъкидлаган. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг баъзи шаҳарларида бепул тушликлар тарқатилиши ҳам яхши намуна сифатида кўрсатилган.