Жорий йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА) ва Корея Республикаси Миллий сайлов комиссиясининг бош котиби Ким Ён Хи бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Делегация Ўзбекистонга икки давлат сайлов органларининг ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилиш, сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш соҳасида тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрган.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси ўртасида, шунингдек БСОА доирасида ҳамкорлик қилиш меморандумини имзолаш маросими ўтказилди. Бу сайлов тўғрисидаги қонунчиликни ва сайлов амалиётини такомиллаштириш соҳасида тажриба алмашувига, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш соҳасида ахборот алмашишга, сайлов жараёнига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилишга қаратилган қўшма тадбирлар ва лойиҳалар амалга оширишга хизмат қилади.
БСОА қароргоҳи Инчхон шаҳрида (Корея Республикаси) жойлашган халқаро ташкилот сифатида 2013 йил октябрь ойида ташкил топган. Ҳозирги вақтда у 102 мамлакатнинг 106 та сайлов органини бирлаштиради. Ташкилотнинг мақсади очиқ, шаффоф сайловлар ташкил қилиш ва ўтказиш масалаларида ахборот ҳамда тажриба алмашиш бўйича халқаро ҳамкорликка кўмаклашишдан, шунингдек, сайлов органларини демократик сайлов ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини, касбий даражасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Изоҳ (0)