Россия пойтахти Москва шаҳрининг жануби-шарқида кўчада кетаётган 25 ёшли аёл аҳоли турар-жой биносининг деразасидан отиб ўлдирилди. Бу ҳақда Meduza хабар қилмоқда.
Тергов қўмитасининг маълум қилишича, қотиллик «Люблино» метро бекати яқинидаги кўчада содир этилган. Ўткинчилар яраланган аёлни шу атрофдаги дўконга олиб боргач, аёл етказилган жароҳат туфайли вафот этган.
Қотиллик ва ўқотар қуролни ноқонуний сақлаш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Маълум қилинишича, марҳума метро яқинида промоутер бўлиб ишлаган ва одамларни овоз кучайтиргич мослама ёрдамида дўконга чорлаган. Тахмин қилинаётган қотил аёлга бақиришни бас қилишни айтиб, уни ҳақоратлаб келган бўлса-да, аёл унинг гапларига эътибор бермай келган.
Таъкидланишича, полиция ходимлари аёлга қарата ўқ отилган хонадонни аниқлаган ва унда яшовчи гумонланувчини қўлга олган.
Изоҳ (0)