Пекин ва Теҳрон Эронда иккита АЭС қуришга келишиб олди
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва ХХР раиси Си Цзиньпин 23 январь, шанба куни Теҳронда учрашув ўтказди ва 17 та икки томонлама шартномани имзолади. Эрон жанубида иккита атом электр станциясини қуриш ва Эрон нефтини Хитойга етказиб бериш ҳақидаги узоқ муддатли шартномалар шулар жумласидандир. Бу ҳақда Deutsche Welle нашри маълумотига таяниб, «Ведомости» хабар беради.
Эрон президентининг маълум қилишича, Теҳрон ва Пекин иқтисодий ҳамкорлик билан бир қаторда ҳудуддаги терроризмга қарши курашиш мақсадида сиёсий ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлашни режалаштирмоқда.
ХХР раиси ҳам, ўз навбатида, музокаралар муваффақиятли ўтганлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, сиёсий даражадаги ҳамкорлик халқаро ташкилотлар иштирокида бўлиб ўтади ва ҳудудда тинчликни сақлаш учун хизмат қилади.