АҚШ Ҳаво кучлари томонидан ИШИД гуруҳининг Ироқ ва Суриядаги марраларига қарата 2015 йилнинг 4—17 июль кунлари давомида уюштирилган авиаҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган, тўрт киши яраланган. Бу ҳақда АҚШ Ҳарбий кучларининг Марказий қўмондонлиги (Centcom) берган маълумотларга асосан «ТАСС» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Centcom Американинг бомбардимонлари оқибатида Ироқ ва Сурияда тинч аҳоли вакилидан жами 16 кишининг қурбон бўлишига сабаб бўлган ҳодиса тафсилотларини ўрганиб чиқди. Бу сафар ИШИД гуруҳининг пойтахти ҳисобланган Суриянинг Ракка шаҳрида икки киши ҳалок бўлганлиги аниқланди.
Centcom расмий вакили Патрик Райдернинг таъкидлашича, жангарилар кўп аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларда, тинч аҳоли орасида яшириниб фаолият олиб боришга ҳаракат қилади.
Райдер содир бўлган ҳодисалардан афсусда эканлигини маълум қилиб, АҚШ Ҳарбий кучлари тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлишининг олдини олиш мақсадида операцияларни уюштиришда белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишини, лекин бу сафар фуқароларнинг ўлими содир бўлганлигини баён қилди.
Изоҳ (0)