Хитой полицияси болалар савдоси билан шуғулланган жиноий ташкилотга қарши йирик операцияни ўтказди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари 78 нафар гумонланувчини қўлга олиб, 15 нафар болани қутқарди. Бу ҳақда China Daily газетаси маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар беради.
Операция бир вақтнинг ўзида Сичуань провинциясининг (Хитойнинг жануби-ғарби) Ляншань-Ийск мухтор округи ва Шаньдун провинциясида (Хитойнинг шарқи) ўтказилди. Полициячиларнинг сўзларига қараганда, жиноятчилар Сичуаннинг ночор туманларидан болаларни сотиб олиб, уларни иқтисодий ривожланган Шаньдунда, асосан Лини шаҳрида сотган. Қонунбузарлар қиз болаларни 30 минг юань (4,5 минг доллар атрофида), ўғил болаларни эса 60 минг юанга (9 минг доллар атрофида) баҳолаган.
Полиция жиноий ташкилотга алоқадор кишилардан ташқари, қўлида эмизикли боласи бор ва ҳомиладор аёлларни ҳам қўлга олган. Улар ўз болаларини сотишни режалаштирганлиги маълум қилинмоқда.
Барча қутқарилган болалар ижтимоий васийлик бўйича маҳаллий органларга топширилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари уларнинг биологик ота-онасини қидирмоқда.
Изоҳ (0)