2015 йилда Европадаги автомобиль савдоси 9 фоизга ошиб, 14,2 миллион донани ташкил қилса-да, Volkswagen автоконцерни 2007 йилдан буён илк маротаба ўзининг бозордаги улушини йўқотди. Бу ҳақда Европа автомобиль ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси (ACEA) берган маълумотларга асосан «Ведомости» хабар қилмоқда.
ACEA Европа Иттифоқининг 27 та давлати ҳамда Швейцария, Норвегия ва Исландия бозоридаги савдоларни ҳисобга олади.
Маълум қилинишича, Европада декабрь ойида 1,156 миллионта автомашина сотилиб (яъни йиллик кўрсаткич бўйича 15,9 фоизга ошиб), бевосита Европа Иттифоқидаги савдолар 1,11 миллионтани (+ 16,6 фоиз) ташкил қилди.
2015 йилда Европа Иттифоқидаги бешта энг йирик бозорнинг барчасида, шу жумладан, Испанияда (20,9%), Италияда (15,8%), Францияда (6,8%), Британияда (6,3%) ва Германияда (5,6%) автомобиль савдосининг ўсиши қайд этилди.
Германия Европанинг энг йирик автомашина бозори сифатида (3,21 миллионта сотилган автомашина) ўз мақомини сақлаб қолган бўлса, иккинчи ўринни Британия (2,63 миллион) эгаллади ва Францияга (1,91 миллион) учинчи ўрин насиб қилди.
Таъкидланишича, Европа автомобиль бозорининг етакчиси бўлиб келган Германиянинг Volkswagen концернининг савдоси 2015 йилнинг декабрь ойида 4,4 фоизга, йил бошидан буён эса 6,2 фоизга ўсган. Бинобарин, дизел двигателлари билан боғлиқ можаро муҳитида, компаниянинг бозордаги улуши 2015 йилда 0,7 даражага қисқариб, 24,8 фоизни ташкил этди. Мисол учун, унинг асосий рақиби ҳисобланган Франциянинг Peugeot Citroen компанияси эса ўзининг савдосини ўтган ойда 20,7 фоизга, йил давомида эса 6 фоизга ошира олди.
Изоҳ (0)