Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль президент фаолиятини доимий равишда ёритиб борувчи журналистлар ва бошқа журналистлар билан мулоқотда Telegram мессенжеридан фойдаланишини маълум қилди. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар беради.
«Биз Telegram мессенжеридан фойдаланамиз. У президент фаолиятини доимий ёритиб борувчи журналистлар билан мулоқот қилиш учун жуда қулай. У, шунингдек, хабардор қилиш, саволлар ва жавобларни юбориш учун ҳам жуда қулай», — деди Песков.
Песков мессенжердан фойдаланишни ҳеч ким тақиқламоқчи эмаслигини таъкидлади.
«Сўз мессенжерлардан фойдаланишни тартибга солиш ҳақида бормоқда. Бу барча фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритишни англатмайди. Улардан фойдаланишни тартибга солиш хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам зарур ҳисобланади», — деди матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, Россия Давлат думаси Федерал хавфсизлик хизматидан ИШИД террорчилари фаолияти туфайли Telegram мессенжерига киришни чеклаш масаласини кўриб чиқишни сўраган эди.
Изоҳ (0)