Ханти-Манси мухтор округи Сургут туманида ёниб кетган дала ҳовлидан 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган беш нафар ўсмирнинг жасади топилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси ҳудудий бошқармаси берган маълумотларга асосан «РБК» хабар бермоқда.
Дастлабки хабарларга кўра, ёнғин содир бўлишидан олдин ўсмирлар туғилган кунни нишонлаган.
Тахмин қилинишича, ёнғин ҳовлидаги ҳаммомда келиб чиққан.
Минтақавий полиция матбуот хизмати вакилининг таъкидлашича, айни пайтда ўт ўчирувчилар харобалар остидан олтинчи ҳалок бўлганнинг жасадини қидирмоқда. «Хароб бўлган бино остида яна бир кишининг қолиб кетганлиги эҳтимоли бор, лекин бу аниқ эмас», ― дея маълум қилинди.
Айни вақтда ёнғин юзасидан полиция текшириш ишларини олиб бормоқда. Ёнғин жойида тезкор тергов гуруҳи ишлаяпти.
Изоҳ (0)