Одамларнинг Ойга тўртинчи қўниши вақтида америкалик астронавтлардан бири фойдаланган қўл соати АҚШдаги кимошди савдосида 1,6 миллион доллардан қимматроққа сотилди. «ТАСС» хабарига кўра, 12 дақиқа давом этган савдолар якунида флоридалик бизнесмен соатларнинг эгасига айланган.
Аукционда сотилган соат 1971 йил 30 июль куни Ой сатҳига қўнган «Аполлон-15» фазовий кемаси экипажи командири, астронавт Дэвид Скоттнинг қўлида бўлган, соат АҚШдаги Bulova компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.
«Ой сатҳига қадам қўйган қолган барча инсонлар NASA томонидан тақдим этиладиган ва АҚШ ҳукумати мулки ҳисобланадиган стандарт Omega хронографларидан фойдаланган», — дейилади RRAuction кимошди савдо уйи хабарида.
Савдо уйининг қайд этишича, миссия вақтида Скотт Omega сиферблатининг ойнаси синганини кўриб, шундан сўнг шахсий соатидан фойдаланишга қарор қилган.
«Аполлон-15» миссияси 1971 йил 26 июлдан 7 августга қадар давом этган. Миссия доирасида америкалик астронавтлар Дэвид Скотт ва Жеймс Ирвин қарийб уч кун Ойда бўлган.
Изоҳ (0)