Россия Давлат думаси Инжил, Қуръон, Танах ва Ганжур матнларини экстремистик деб тан олишни тақиқлаш ҳақидаги президент томонидан киритилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжатга кўра, Инжил, Қуръон, Танах ва Ганжур, уларнинг мазмуни ва улардан келтирилган иқтибослар экстремистик материаллар деб тан олишини мумкин эмас.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров қонун лойиҳаси қабул қилинган кунни тарихий сана деб атаб, Россия президенти Владимир Путинга алоҳида миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда унинг ўзи Livejournal’даги саҳифасида ёзиб қолдирган.
«Ватанимизнинг барча мусулмонлари бу қонун учун Путиндан чексиз миннатдор. Ишончим комил, мазкур қонун Расулуллоҳ (с.а.в.) умматининг барча вакиллари қалбига қувонч олиб киради», — деди Рамзан Қодиров.
«Аллоҳнинг иродаси билан бу кунда Иброҳим пайғамбар оловдан қутқариб қолинган, Нуҳ кемаси ўзига бандаргоҳ топган, Айюб пайғамбар оғир дарддан халос бўлган, Мусо пайғамбар ва унинг халқи фиръавндан қутқариб қолинган. Худди шу кунда Россиянинг муносиб президенти Владимир Путин эътиқодсиз ва ватанфуруш кимсаларнинг таҳдидларига қарши қатъий Қуръон ҳимоясига турди», — деди Чеченистон раҳбари.
«Владимир Владимирович шарофати билан мамлакатимизда тенг ҳуқуқлилик бор, ҳеч ким диний қарашлари сабаб таъқиб қилинмаяпти. Бугундан бошлаб мен миллий етакчимиз Владимир Путинга минг карра кучлироқ содиқ бўламан ва ҳар қандай мураккабликдаги буйруқларини киприк қоқмай бажараман!», — дея қайд этди Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров.
Россияда илоҳий китобларни ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунга эҳтиёж 9 сентябрдан сўнг, Южно-Сахалинск суди судьяси Наталя Перченко прокурор Татьяна Белобровецнинг даъвосига кўра матнида Қуръондан иқтибослар келтирилган китобни экстремистик деб топганидан сўнг туғилганди.
Изоҳ (0)