Туркия бош вазири Аҳмет Давутўғлининг маълум қилишича, Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уриб туширилган дрон Россияда ишлаб чиқарилган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари 16 октябрь, жума куни Сурия томондан мамлакат ҳаво бўшлиқларига бузиб кирган номаълум самолётга ҳужум қилиб, уриб туширганди. Кейинроқ Туркия қуролли кучлари бош штаби уриб туширилган объект учувчисиз парвоз қилувчи қурилма (дрон) эканлигини маълум қилганди.
«Туркия ҳудудида уриб туширилган дрон Россияда ишлаб чиқарилган. Бироқ Россия томони бу қурилма уларга тегишли эмаслигини маълум қилди. У Башар Асад тузумига, суриялик курдларга ёки бошқа кучларга тегишли бўлиши мумкин», — деди Давутўғли.
Туркия бош вазирининг умид билдиришича, Россия мазкур ҳодисадан келиб чиқиб, Суриядаги ҳарбий операцияни олиб боришда янада эҳтиёткор бўлади.
16 октябрь, жума куни ижтимоий тармоқларда Туркия бош штабига асосланиб, «Санкт-Петербург технологик маркази» («Орлан») томонидан ишлаб чиқарилгани айтилган дрон суратлари тарқалиб кетди. Россия компанияси раддия билан чиқиш қилиб, суратлар «ўхшамаган ахборот иғвосига кўпроқ ўхшашини» қайд этиб ўтди.
Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игорь Конашенков эса Россиянинг Суриядаги барча самолётлари белгиланган вазифаларни бажаргач, авиабазага қайтгани, дронлар эса одатдаги тартибда фаолият олиб бораётганини маълум қилди.
Изоҳ (0)