Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида якунига етиб бораётган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ярим финал учрашувлари давом этяпти. Кеча, 11 октябрь куни ярим финалда рингга кўтарилган уч нафар ўзбекистонлик боксчиларнинг барчаси финал чиптасини қўлга киритди, деб хабар беради «Оламспорт».
Дастлаб, Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг) ҳиндистонлик рақиби Шива Тапани 3:0 (29:28, 29:28, 29:28) ҳисобида таслим этди. Унинг финалдаги рақиби Майкл Конлан бўлади. Ирландиялик бу боксчи ярим финалда беларуслик Дмитрий Асанаудан 3:0 ҳисобида устун келди.
64 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Фазлиддин Ғоипназаров таиландлик азалий рақиби Вуттичай Масукни 3:0 (30:27, 30:27, 30:27) ҳисобида енгди. Фазлиддин финал жангида россиялик Виталий Дунайцевга қарши рингга кўтарилади. Дунайцев ярим финалда кубалик Толедо Лопесни 2:1 ҳисобида таслим этди.
75 кг вазн тоифасида амалдаги Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиев ҳам финал йўлланмасини қўлга киритди. 19 ёшли Бектемир ярим финалда ирландиялик Майкл Орейлини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Унинг финалдаги рақиби кубалик Арлен Лопес бўлади. Лопес ярим финалда мисрлик Хосам Абдинни 3:0 ҳисобида енгди.
Шу тариқа, биринчи кунги ярим финал жангларидан сўнг ўзбекистонлик 3 нафар чарм қўлқоп устаси финал чиптаси ва энг муҳими, Рио—2016 Олимпиадаси йўлланмасини нақд қилди. Бугун, 12 октябрь куни Ўзбекистон терма жамоасининг яна 3 нафар боксчиси – Элнур Абдураимов (60 кг), Элшод Расулов (81 кг) ҳамда Баҳодир Жалолов (+91) финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади.
Изоҳ (0)