Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида давом этаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг тўртинчи кунги баҳсларидан сўнг яна уч нафар ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Кеча, 9 октябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан 4 нафари ўз жангларида рингга кўтарилди, деб хабар беради «Оламспорт».
Терма жамоанинг энг тажрибали боксчиси 81 кг вазн тоифасидаги Элшод Расулов ўзининг иккинчи жангини туркиялик Сем Карлидагга қарши ўтказди ва рақибини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Бугун, 10 октябрь куни Расулов ушбу вазн тоифасининг биринчи рақамли боксчиси қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетовга қарши рингга кўтарилади.
60 кг вазндаги ўзбекистонлик Элнур Абдураимов ҳам иккинчи жангида зафар қучди. У Янги Зеландия боксчиси Чад Милнесдан 3:0 ҳисобида устун келди. Абдураимовнинг чорак финалдаги рақиби мўғулистонлик боксчи бўлади.
Энг оғир +91 кг вазн тоифасида Баҳодир Жалолов ажойиб ғалабани қўлга киритди. У ўз вазнида учинчи рақам остида таснифланган кубалик Ленер Перога қарши жанг ўтказди ва рақибини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Энди Баҳодир иорданиялик боксчи билан жанг ўтказади.
Афсуски, 52 кг вазндаги Шаҳобиддин Зоиров хитойлик Жиан Ган Хуга қарши рингга кўтарилиб, рақибига имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа, етти нафар ўзбекистонлик боксчи чорак финалда жаҳон чемпионати медаллари учун курашни давом эттиради.