Сентябрь ойида Грузия пойтахти Тбилисида жойлашган Михаил Месхи номли стадионда бир қатор машҳур футболчиларнинг шон-шуҳрат хиёбони очилди. «Championat.asia»нинг хабар беришича, улар қаторида Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клубининг собиқ ўйинчиси Зураб Церетелига аталган хиёбон ҳам очилган.
Зураб Церетели «Пахтакор»—1979 фожиасидан жамоага ёрдам бериш мақсадида таркибга жалб этилган бўлиб, у жамоага ҳалокатда ҳаётдан кўз юмган дўстлари хотираси учун келганини кўп такрорлаб ўтган.
Зураб Церетели «Пахтакор» сафидаги 45 учрашувда олтита гол урган. Унинг «Пахтакор»даги фаолияти 1981 йил якунланган ва мухлислар сўнгги ўйинда уни олқишлар билан кузатиб қўйган.
Грузия спорт делегациясининг Ўзбекистонга 2014 йилги ташрифи доирасида Церетелининг қизи Анна ҳам Тошкентда бўлиб, отасининг Михаил Ан ва Владимир Фёдоров билан дўст бўлганини таъкидлаб ўтганди.
1992 йил 8 январда Церетели 38 ёшида Грузияда автоҳалокат натижасида вафот этган. «Зураб Грузия ва Ўзбекистонда ишқибозлар меҳрини қозонишга улгурганди», — дейилади «Пахтакор» сайтидаги хабарда.
Изоҳ (0)