2018 йилда 100 йиллигини нишонлайдиган Ўзбекистон Давлат санъат музейининг таъмири ва қўшимча янги биносининг қурилишини юбилей арафасида якунига етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар бермоқда.
Музейда ташрифчиларни ҳунармандлар ҳамда рассом ва ҳайкалтарошларнинг иш жараёни билан таништирувчи устахоналар ташкил этилади. Бундан ташқари, музейнинг иккинчи биноси ҳам қурилиб, унга маъмурият ва барча техник хизматлар жойлаштирилади.
Музейни реконструкция ва модернизация қилиш лойиҳасига мувофиқ, кондиционерлар ўрнини замонавий иқлим назорати тизими эгаллайди, видеокузатув ва ёнғин хавфсизлиги тизимлари янгиланади.
Музейнинг ҳозирги биноси замонавий ва миллий элементларни жамлаган ҳолда, илғор архитектура технологияларини татбиқ этиш орқали янгиланади. Музей атрофида яна бир янги хиёбон пайдо бўлиб, у Зулфия ҳайкали олдидаги майдон билан ягона архитектуравий ансамблни ташкил этади.
Изоҳ (0)