Нидерландиянинг Вагенинген шаҳри кўчаларида дунё бўйича биринчи ҳайдовчисиз автобуслар юра бошлайди, деб хабар беради «Популярная Механика».
Янги автобус WEpod деб номланиб, унда олти киши қулай жойлаша олади. Ушбу лойиҳа Вагенинген шаҳрига тегишли бўлиб, автобус Эде ва Вагенинген шаҳарлари ўртасидаги 17 дақиқалик масофада қатнай бошлайди.
Автобуслар Швейцариянинг EasyMile компанияси томонидан яратилган автомобилларнинг замонавийлаштирилган версиясидир. Унинг максимал тезлиги соатига 24 километрни ташкил этиб, автобуснинг ҳаракати диспетчерлар томонидан доимий равишда кузатиб турилади.
Ҳайдовчисиз автобуслар GPS маълумотларидан фойдаланади. «Агар йўл атрофидаги дарахтлар туфайли GPS тизими аниқлиги пасайса, автобус тегишли жойнинг объектларини таниб олиш орқали мўлжал ола бошлайди», — дейди лойиҳа яратувчиларидан бири Йорис Ийссельмуйден.
Изоҳ (0)