Жорий йилнинг 25—30 август кунлари Босния ва Герцеговинанинг Сараево шаҳрида эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Тўрабек Тиркашев олтин медални қўлга киритди. Нукус темирйўл вокзалида жаҳон чемпиони Тўрабек Тиркашевни кутиб олиш маросими бўлди, деб хабар қилади ЎзА.
Жаҳон чемпионатининг юнон-рум кураши бўйича вазни 46 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида Тўрабек Тиркашев барча рақибларини мағлубиятга учратиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини яна бир бор исботлади.
– Мусобақа давомида турли давлатлардан келган тенгдошларим билан гиламга тушдим, – дейди жаҳон чемпиони. – Ҳар бир беллашувга чиқишдан олдин Президентимизнинг «Болаларим, маррани баланд олинг. Ғалаба бизники, келажак бизники!» деган даъватларини хаёлан такрорлардим. Бу менга куч берди, ғайратимни оширди. Ғалабам шарафига Ватанимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида Президентимизнинг биз, ёшларга билдирган юксак ишончини, оз бўлса-да, оқлаганимдан кўнглим фахр-ифтихорга тўлди. Мақсадим, бундан кейин ҳам жаҳон ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш, Олимпия ўйинларида ғалаба қозонишдир.
Изоҳ (0)