Париж шимолида жойлашган аҳоли турар-жойи биносида 2 сентябрга ўтар кечаси юзага келган ёнғин оқибатида саккиз киши, шу жумладан, икки нафар бола ҳалок бўлди. Яна тўрт киши яраланган ва касалхонага жойлаштирилган, деб хабар беради «ТАСС».
Франция Ички ишлар вазирлигининг расмий вакили Пьер-Анри Бранденинг сўзларига қараганда, бинодаги ёнғин ёвуз мақсад натижасида юзага келган бўлиши мумкин.
Унинг таъкидлашича, Парижнинг 18-округида жойлашган аҳоли турар-жойида чоршанбага ўтар кечаси икки марта ёнғин юзага келган. Биринчи марта маҳаллий вақт бўйича 02:23 да вужудга келган ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилганидан икки соат ўтиб, иккинчи ёнғин юзага келган.
Ёнғинга қарши 100 дан ортиқ ўт ўчирувчининг курашганлигига қарамасдан, бинонинг юқори қаватларида қолиб кетган бир неча кишини қутқаришнинг иложи бўлмади. Олов ичида қолган уйдан жами етти киши қутқариб қолинди.
Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)