Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида ўтказилган 16 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўз якунига етди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати. Дунёнинг кучли жамоалари қаторида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳам ушбу нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этди.
Маматқул Ҳайлаев мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги 10-турда Қозоғистоннинг биринчи рақамли терма жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлубиятга учратди. Нодирбек Ёқуббоев ва Абдумалик Абдусалимов рақибларини мағлубиятга учратди. Ортиқ Ниғматов дуранг қайд этган бўлса, Баҳора Абдусатторова Ассад Мамирбайга имкониятни бой бериб қўйди.
Якунда кучли терма жамоаларни ортда қолдирган ўзбекистонлик ёш шахматчилар Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини 6-ўринда якунлади. Ўзбекистон терма жамоамиз 10 та учрашувдан 3 тасида ғалаба қозонди. Олтита баҳсда дуранг ўйнаб, фақат битта учрашувда имкониятни бой берди.
Эрон терма жамоаси Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолибига айланди. Ҳиндистон кумуш, Россия терма жамоаси бронза медалига сазовор бўлди. Биздан юқоридаги ўринни Венгрия ва Хитой-1 терма жамоалари банд этди.
Изоҳ (0)