Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манба 24 август оқшомида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Дўстлик» аҳоли пункти ҳудудида газ қувурининг портлаши оқибатида жабрланганлар бўлмаганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «12news.uz».
«Кеча фавқулодда ҳолат ҳақидаги хабар келиши билан воқеа жойига зудлик билан саккизта тез ёрдам бригадаси етиб борди. Бироқ уларнинг барчаси ортга бўш қайтди, жабрланганлар йўқ эди. Ижтимоий тармоқларда жабрланганлар борлиги ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — деди вазирлик вакили.
Бу маълумотни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳам тасдиқлаган.
Қайд этилишича, кимсасиз жойда газ қувурининг портлаши оқибатида келиб чиққан ёнғин Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси вакиллари томонидан бартараф этилган.
Изоҳ (0)