Суд маслаҳатчилари бир қарорга кела олмаганликлари сабаб, 2012 йил 20 июль куни кинотеатрдаги томошабинларга қарата ўт очган америкалик Жеймс Холмс ўлим жазосидан қутулиб қолди ва муддатидан аввал озод бўлиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар бермоқда.
Холмс Колорадо штати, Аврора шаҳридаги кинотеатрда «Бэтмен» ҳақидаги фильм намойиши вақтида 12 кишини ўлдирган, 70 дан ортиқ одамга тан жароҳати етказган эди.
Айбланувчининг адвокатлари Холмс ҳужум вақтида руҳий жиҳатдан касал бўлганини таъкидлади, прокурорлар эса, судланувчининг касал эканлигини тан олгани ҳолда, у ўз қилмиши учун жавоб бера олишини қайд этди. Суд маслаҳатчилари ҳам шу нуқтаи назарга қўшилди.
Июль ойида Холмс айбловнинг 165 банди бўйича, хусусан, қотиллик, қотилликка уриниш ва портловчи қурилмадан ноқонуний тарзда фойдаланиш бўйича айбдор, деб топилганди.