Японияда императорнинг сарой ишлари бўйича бошқармаси 1 август куни император Хирохитонинг Иккинчи жаҳон урушида Япониянинг сўзсиз таслим бўлганлиги ҳақидаги эълони аудиоёзувининг асл нусхасини биринчи марта кенг омма эътиборига ҳавола қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
Императорнинг 1945 йил 14 августдаги чиқиши винил пластинкага ёзиб олиниб, 15 август куни туш вақтида эфирга узатилган эди.
«Урушнинг тугаши билан боғлиқ ушбу рамзий буюмнинг Иккинчи жаҳон уруши тугашининг 70 йиллиги муносабати билан кенг оммага намойиш қилиниши жуда муҳим деган қарорга келдик», — дейилади бошқарма хабарида.
Императорнинг эълони ҳозир ҳам мавжуд бўлган NHK телеканали ходимлари томонидан унинг саройида ёзиб олинган эди. Унинг чиқиши 4,5 дақиқа давом этган бўлиб, кўпчилик уни тиззасида туриб, кўзида ёш билан эшитган. Ўшанда Япониянинг деярли барча аҳолиси «худо одам» ҳисобланган императорнинг овозини биринчи марта эшитган эди.
Изоҳ (0)