Америкалик тадқиқотчи Уин Маклафлин Қирғизистоннинг Норин вилояти Қўчқор тумани ҳудудида 6 миллион йил олдин яшаган жониворларнинг тошқотмалари топилганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Қирғизистон сейсмология институти директори, геология-минералогия фанлари доктори Қанатбек Абдрахматовнинг сўзларига кўра, Қўчқор тумани ҳудудидан каркидонлар ва қушларнинг қолдиқлари олдин ҳам топилган, жирафа ва сичқонларнинг суяклари эса биринчи марта аниқланмоқда. Тошқотмалар 6 миллион йил олдин яшаган жирафалар ҳозиргидан икки баравар кичик бўлганидан далолат бераётгани айтилган. Шунингдек, топилмалар тоғлар пайдо бўлишига олиб келган зилзилалар ҳақида ҳам қимматли маълумот бериши қайд этилган.
Маклафлиннинг таъкидлашича, қолдиқлар тўлиқ текширувдан ўтказиш учун АҚШга жўнатилади, кейин эса Қирғизистонга қайтарилади. Тадқиқот жараёнида жониворларнинг тўлақонли ташқи кўриниши ҳам қайта тикланади. Кейинги йилдан бошлаб хоҳловчилар Бишкекдаги Қирғизистон давлат тарих музейида жониворларнинг қолдиқлари ва уларнинг тикланган қиёфаларини кўриши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)