1993 йилда Бомбейда уюштирилган терактлар серияси ташкилотчиларидан бири Ёқуб Мемонга нисбатан чиқарилган қатл ҳукми 30 июль тонгида ижро этилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Мемон Махараштра штати қамоқхонасида маҳаллий вақт билан соат 6:35 да осиш йўли билан қатл этилди. Шифокорлар унинг жони узилганини тасдиқлаган. Энди унинг жасади ёриб кўриш учун Нагпур шаҳри шифохонасига жўнатилади.
Қатл ҳукми 2007 йилда чиқарилган бўлиб, 2013 йилда уни Ҳиндистон олий суди тасдиқлаган. Ёқуб Мемон терактларнинг бевосита ижрочиси бўлмаса ҳам, фитнада қатнашганликда айбдор деб топилган. Асосий айбдор унинг акаси, Йўлбарс Мемон номи билан танилган жиноятчи Иброҳим Мемон бўлиб, 1993 йилда Ҳиндистондан чиқиб кетган ва шундан буён унинг қаердалиги номаълум.
1993 йил 12 март куни Бомбей (ҳозирги Мумбай) шаҳрининг турли қисмларида 12 та портлаш содир этилган. Турли маълумотларга кўра, 257—300 киши ҳалок бўлиб, 700—1400 киши жароҳат олган.
Изоҳ (0)