Микропроцессорлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланувчи Intel корпорацияси (АҚШ) МДҲ минтақасида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳасида хизмат кўрсатувчи Intell Sphere Group (Ўзбекистон) компанияси билан судлашди, деб ёзади «Kommersant.uz».
Қайд этилишича, Intel Corporation’нинг Ўзбекистондаги расмий ваколатхонаси 2010 йил ноябрь ойида Intell Sphere Group’га мактуб йўллаб, дунё бўйлаб INTEL ва intel савдо белгиларидан фойдаланиш ҳуқуқи АҚШ корпорациясига тегишли эканлигини маълум қилган ва компанияни ўз номи таркибида ушбу сўздан ноқонуний фойдаланишда айблаган.
Номидаги «Intell» қисми «интеллектуал» сўзидан олинган компания қўйилган айбловларни рад этгач, иш судда кўриб чиқилган. Жараён бир йилдан узоқ давом этиб, якунда Тошкент шаҳар хўжалик суди Intell Sphere Group фойдасига қарор чиқарган ва Intel Corporation’га компаниянинг ишни судда кўриб чиқиш жараёнида сарфлаган моддий харажатларини компенсация қилиш мажбуриятини юклаган.
Изоҳ (0)