Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетаси хорижда ўзбекистонлик муҳожирлар томонидан тузилган диний гуруҳ фаолияти фош этилганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «12news.uz». Ушбу гуруҳ айнан қайси мамлакатда фаолият юритгани ҳақида маълумот берилмаган.
Қайд этилишича, Дилмурод исмли йигит хорижга ишлашга кетиб, хоразмлик йигитлар орасида яшай бошлаган. Шодмон ака исмли киши уни «дўстлар» билан таништириш учун чақирган. Ресторанлардан бирида ўндан ортиқ 20—40 ёшли эркак тўпланиб, диний масалаларни муҳокама қилган. Дилмуродга бу давра ёқиб, уларнинг ўтиришларида мунтазам иштирок эта бошлаган. Йиғилишлардан бирида Отабек исмли йигит Суриядаги «биродарлар»га ёрдам бериш кераклиги, бу йўлда одам ўлдирганлар шаҳид бўлиши ва жаннатга тушиши ҳақида гап бошлайди. Шу сабабли Дилмурод қандайдир нохушликни сезади.
Ўзбекистонда гуруҳнинг барча вакиллари қўлга олинди. Дилмурод ушбу ташкилот аъзосига айланиб улгурмаган бўлса ҳам, уларнинг фаолияти ҳақида тегишли жойга ўз вақтида хабар бермагани туфайли жиноий жавобгарликка тортилди.
Изоҳ (0)