Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Буюк Британиядаги меҳмонхонада руминиялик аёлга унинг миллати баҳона қилиниб, хона калити берилмади. Бу ҳақда The Daily Telegraph хабар бермоқда.

Фото: Global Look

Фото: Global Look

Гулл университети аспирантурасида таҳсил олаётган 22 ёшли Александра Пуфлеа оқшомни йигити билан ўтказиш мақсадида Holiday Inn Express меҳмонхонасидан икки кишилик хонани онлайн банд қилганди. Бироқ ёшлар меҳмонхонага келганидан сўнг, уларга калитни беришдан бош тортилган. «Жуда ҳам афсусдамиз, бироқ биз руминларни қабул қилмаймиз», — деди меҳмонхона ходими. Бу вазиятда Пуфлеа меҳмонхона вакилига кўрсатган Британия ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам ёрдам бермади.

Меҳмонхона вакилининг сўзларига кўра, муассасада ташрифчиларга нисбатан қатъий қоидалар амал қилади, хусусан, охир-оқибат фоҳиша бўлиб чиқиши мумкин бўлган руминиялик аёлларни хоналарга жойлаштириш мумкин эмас. Пуфлеа руминиялик аёлларнинг жуда оз қисми фоҳишалик билан шуғулланишини тушунтиришга уринган, бироқ бу ҳам самара бермаган: менежернинг сўзларига кўра, аввалроқ бу мамлакат аёллари меҳмонхонанинг доимий меҳмонлари бўлган ва шу сабабли бутун меҳмонхона тармоғи обрўсига жиддий зарар етган.

Александра Пуфлеа мазкур миллий таҳқирлаш ҳолатини тергов қилишни сўраб полицияга мурожаат қилган. Меҳмонхона маъмурияти қизни меҳмонхонага киритилмагани сабабларини изоҳлашдан бош тортган, бироқ руминларга нисбатан ўз сиёсатини қайта кўриб чиқишга ваъда берган. Ўз навбатида, полиция ходимлари фоҳиша деб гумон қилинган аёллар меҳмонхонада пайдо бўлганида, бу ҳақда зудлик билан полицияга хабар беришни сўраган.

Ҳозирги вақтда Буюк Британияда 100 мингдан ортиқ румин истиқомат қилмоқда, ваҳоланки, 2001 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижалари мамлакатда 7,5 минг руминиялик яшашини кўрсатган эди. Британия оролларида руминларнинг бу қадар кўпайиб кетишига асосий сабаб 2007 йили Руминиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлганидир — шундан сўнг руминлар Буюк Британияга оммавий кўчишни бошлаган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар