Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 19—26 июль кунлари Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Миллий терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян мазкур йиғинга Олий Лига клубларида тўп сурувчи миллий терма жамоа аъзолари ва унга номзод бўлган 24 нафар футболчини таклиф қилди.
Таркибдан, жумладан, қуйидаги футболчилар ўрин олган:
дарвозабонлар — Акбар Тўраев («Бунёдкор»), Элдорбек Суюнов («Насаф»), Александр Лобанов («Пахтакор»);
ҳимоячилар — Егор Кримес («Пахтакор»), Шерзод Аъзамов («Насаф»), Ислом Тўхтахўжаев («Локомотив»), Шуҳрат Муҳаммадиев («Насаф»), Даврон Ҳошимов («Пахтакор»), Фаррух Сайфиев («Насаф»), Александр Мерзляков («Пахтакор»), Одил Ҳамробеков («Насаф»);
ярим ҳимоячилар — Шоҳруҳ Гадоев («Насаф»), Жавоҳир Соҳибов («Пахтакор»), Владимир Козак («Пахтакор»), Шерзод Каримов («Пахтакор»), Достон Ҳамдамов («Бунёдкор»), Жасур Ҳасанов («Локомотив»), Станислав Андреев («Пахтакор»), Жамшид Искандеров («Пахтакор»);
ҳужумчилар — Элдор Шомуродов («Бунёдкор»), Баҳриддин Ваҳобов («Қизилқум»), Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»), Илҳом Шомуродов («Насаф»), Игорь Сергеев («Пахтакор»).
Самвел Бабаяннинг бош мураббий сифатидаги илк расмий учрашуви, ҳозирча, 3 сентябрь куни ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги Яманга қарши ўйин бўлиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон ва Осиё чемпионати саралаш баҳсларини 16 июнда Шимолий Кореяга қарши 2:4 ҳисобидаги мағлубият билан бошлаган. Бугунги кун ҳолатига кўра «H» саралаш гуруҳида иккита ўйинда 6 очко жамғарган Шимолий Корея ва Филиппин терма жамоалари пешқадамлик қилмоқда.