Нўъмон Ҳасанов 7 июлдан бошлаб «Пахтакор»нинг вақтинчалик бош мураббийи этиб тайинланди. Бунгача ушбу мутахассис клубнинг мураббийлар штабида ишлаб келаётганди, деб хабар беради «Пахтакор» расмий сайти.
Ҳасанов футболчилик фаолиятида 4 карра Ўзбекистон чемпиони ва 2 марта Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланган. Ўзбекистон терма жамоасида 23 учрашувда 4 тўп киритган.
Футболчиликни тамомлагач, у фаолиятини мураббий сифатида давом эттиришга қарор қилди. 2012 йил «Пахтакор»нинг биринчи лигадаги жамоасига бош мураббий этиб тайинланган Ҳасанов ўша йилнинг ёзида ёшлар таркиби устозлигини қўлга олди ва якунда жамоани мамлакат чемпионига айлантирди. Кейин эса асосий таркиб мураббийлар штабига жалб этилиб, ўтган йили чемпионлик қўлга киритилишида ҳисса қўшди. Самвел Бабаян миллий терма жамоа бош мураббийи сифатида ишга киришгани боис, энди Нўъмон Ҳасанов «Пахтакор»ни бошқарадиган бўлди. Ҳозирча у бу лавозимда вақтинчалик фаолият юритади.