Япония провинцияларидан бирида темир йўл станцияси раҳбари ҳисобланган Тама лақабли мушукнинг тантанали дафн маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Associated Press.
Wakayama Electric Railway темир йўл компанияси президенти Мицунобу Кодзима Тамага хизматлари учун миннатдорлик билдирди ва июль ойида унинг шарафига ҳайкал ўрнатишга ваъда берди. Кодзима мушукнинг ўлимидан бир кун олдин уни кўриш учун касалхонага борганини сўзлаб берди.
16 ёшли Тама Японияда ўтган ҳафта бошида вафот этди. У 2007 йилда Вакаяма префектурасидаги Киси станцияси раҳбари этиб тайинланганидан сўнг машҳур бўлиб кетган эди. Платформа бўйлаб темир йўл ходими фуражкасида сайр қилиб юрган Тамани кўриш учун бутун Япониядан сайёҳлар келган. Мушук туфайли ушбу темир йўл йўналишидан фойдаланувчилар сони 55 мингга ошди, бу эса маҳаллий иқтисодиётнинг 1,1 миллиард йенга (488,4 миллион рубль) ўсишига олиб келди.
Изоҳ (0)