Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Буюк Британиянинг Ноттингем шаҳрида давом этаётган теннис турниридаги иштирокини муваффақиятли давом эттиряпти, деб хабар беради «Olamsport.com».
25 июнь куни Денис чорак финал баҳсида кортга чиқди. Унинг рақиби аргентиналик Леонардо Майер бўлди.
Таққослаш учун, Денис Истомин ATP рейтингида 92, Леонардо Майер эса 21-поғонани эгаллаб турибди. Истомин теннисда доим ҳам рейтинг катта роль ўйнамаслигини исботлаб уч сетда Майерни мағлуб этди — 6:3, 6:7, 7:6.
Ярим финалда Денис кипрлик Маркос Багдатисга қарши кортга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, турнирнинг мукофот жамғармаси 644,065 евродан иборат. Ғолиб 79,345 евро мукофот пули ҳамда 250 рейтинг очкосига эга бўлади.
Изоҳ (0)