Ўзбекистон ҳукуматининг 18 июндаги қарори билан Гулистон шаҳрининг 2030 йилгача бўлган даврдаги бош режаси тасдиқланди, деб хабар бермоқда «Gazeta.ru».
Бош режада Гулистоннинг марказий қисмини реконструкция қилиш, экологик жиҳатдан зарарли корхоналарни шаҳар ташқарисига чиқариш, ҳудудлар ва транспорт йўлларини комплекс ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, шунингдек барча зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминланган янги турар-жой массивларини қуриш кўзда тутилган.
Қурилишнинг биринчи навбатида (2020 йилгача) шаҳар аҳолиси сони 125 мингга, муддат охиригача (2030 йил) эса 140 мингга етиши режалаштирилмоқда. Гулистон шаҳри ҳудуди ҳозирги 2009,4 гектардан 3553,54 гектаргача кенгаяди. Унинг таркибига Тошкент, Қаробчи, Мевазор, Зарбдор посёлкалари, шунингдек Гулистон ва Боёвут туманларидаги бир қаватли турар-жой массивлари киради.
Изоҳ (0)