Ер сайёрасининг ўз ўқи атрофида айланиши секинлашиши муносабати билан, 1 июлга ўтар кечаси бутунжаҳон вақтига қўшимча бир сония қўшилади. Бу ҳақда Informing.ru хабар бермоқда.
«Вақт хизматидан фойдаланувчи жаҳондаги барча истеъмолчилар 1 июлга ўтар кечасига қўшимча бир сония қўшишади. Қўшимча сонияни жорий этадиган ташкилотлар орасида Халқаро космик станция, Парвозларни бошқариш маркази, сунъий йўлдошлар, бошқариладиган кемалар, самолётлар, поездлар, вокзаллар, уяли алоқа операторлари, банклар ва бошқалар бор», - деди Россия Давлат вақт ва частота хизмати Бош метрология маркази раҳбари Игорь Блинов.
«Сайёрамиз ўз ўқида айланишни секинлаштираётгани муносабати билан, вақтни ҳисоблашнинг атом ва астрономик тизимлари орасида фарқ юзага келади. Фарқ бир сонияга етганидан эса атом тизимига тузатиш киритилади», - деди Блинов.
«Бу ўзига хослик ҳақида дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларнинг барчаси билади. Бундай тузатишлар ҳар 3-4 йилда, қўшимча бир сония йиғилиб қолиши билан, одатий тартибда киритилади. Вақтни ҳисоблашнинг атом тизимидан фойдаланиш бошланган 1967 йилдан бери бундай тузатишлар ортидан ҳеч кимда ҳеч қандай муаммо юзага келмаган», - дея қўшимча қилди марказ раҳбари.