Россия президенти Владимир Путиннинг фикрича, баъзи мамлакатлар Россиянинг НАТОга ҳужум қилиши эҳтимоли ортида қўрқувни кўпиртиришмоқда. Meduza.io’нинг хабар беришича, Путин бу ҳақда Италиянинг Corriere della Sera нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.
Россия президенти бундай хавотирни «носоғлом қўрқув» деб атади.
Унинг сўзларига кўра, баъзи мамлакатларга Россиянинг бостириб кириши ҳақида бонг уриш қайсидир маънода фойдали: «Баъзилар фронтбўйи мамлакатлари ролини ўйнашни исташмоқда ва бунинг учун уларга қандайдир қўшимча – ё ҳарбий, ё иқтисодий, молиявий, мумкин бўлган ҳар қандай кўринишда ёрдам кўрсатилиши керак».
Интервью давомида Владимир Путин Россия мухолифатига ҳам баҳо берди. Россия президентининг фикрича, сўнгги йилларда Россия сиёсий тизими либераллашди ва мухолифатнинг муваффақияти унинг электорат билан ишлай билиш қобилиятига боғлиқ. Путин мухолифатнинг аҳволини мураккаб деб баҳолашдан бош тортди.
«Қандай мураккаблик бор? Агар мухолифат туман, вилоят ёки мамлакат олдида турган муаммоларни ҳал қилишини исботлай олса, ўйлашимча, одамлар буни албатта сезишади», - деди президент.